Ўзбекистонда Сталинграддаги Павлов уйининг сўнгги ҳимоячиси вафот этди

Ўзбекистонда 16 март куни 1941-1945 уруш йилларида Сталинграддаги Павлов уйининг сўнгги ҳимоячиси Камолжон Турғунов вафот этди.

uz24.uz нашри хабар беришича, у Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган Бордимқул қишлоғида 92 ёшида вафот этди.

Уруш фахрийси Камолжун Турғунов 15 май куни 93 ёшга тўлар эди. У Иккинчи жаҳон урушида Сталинград жангидан кейин Украина, Беларусь ва Европанинг кўплаб шаҳарларини озод қилишда қатнашган, уруш якунини Магдебургда қарши олган. Урушдан қайтгач, узоқ йиллар давомида тракторчи бўлиб ишлаган.

“Отам 14 фарзанд, 62 невара ва 85 чеварасига меҳрибон эди. У сўнгги вақтларда бетоб бўлиб қолганди, бироқ тузалиб, 9 май кунида Москвадаги парадга бора олишига ишонарди. Афсуски бу амалга ошмади”, — дейди ўғли Самиғжон.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденев Сталинград жанги қаҳрамони, уруш фахрийси Камолжон Турғуновнинг қариндошларига ва яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди.

Унинг сўзларига кўра, Турғуновнинг вафоти ҳақидаги хабар Россияда ҳам чуқур қайғуга сабаб бўлган.

Сталинград қамали кунларида Павлов уйи номли бино уч ой мобайнида 20 нафар жангчи томонидан мудофаа қилинган. Улар орасида ўзбекистонлик Камолжон Турғунов ҳам бўлган.