Ўзбекистонда иккита партия парламентда ўзини мухолифат деб эълон қилди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партияси парламент кўпчилигини ташкил этган Демократик кучлар блокига нисбатан ўзларини мухолифат деб эълон қилди. Улар ушбу блокка қарши алоҳида-алоҳида мухолифлик қилади.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон ХДПнинг дастурий устуворликлари қаторида энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш ва бу билан мазкур стандартларга мамлакатдаги ойлик иш ҳақи ва пенсиянинг энг кам миқдорлари мос келишини таъминлаш масалалари турибди. Шунингдек, партия аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларини давлат томонидан ушбу хизматлар тарифларини тартибга солинишини такомиллаштириш орқали хизматлар ҳақини мақбуллаштиришни аҳоли фаровонлигига таъсир кўрсатувчи муҳим омил деб ҳисоблайди.

Партия, шунингдек, аҳоли бандлигини ташкил қилишнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, аввало ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезонлари, уларни ҳаётга татбиқ қилишда яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш тарафдоридир.

“Ушбу устувор масалаларда ЎзХДП Демократик кучлар блокига бирлашган партияларнинг фракциялари нуқтаи назаридан фарқ қиладиган ўзи тутган йўлнинг ечимларини таклиф этиш ва илгари суришга тайёр”, дейилади хабарда.

“Адолат” СДП ҳамда янгидан тузилган Демократик кучлар блоки нуқтаи назарларида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш устувор йўналишлари юзасидан айрим тафовутлар мавжудлиги фракция аъзолари томонидан қайд этилди.

Хабарда айтилишича, “Адолат” СДП учун ўта муҳим бўлган бизнеснинг ижтимоий масъулияти даражасини ошириш, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини фаол ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, корхоналарга уларнинг ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб, солиқ имтиёзларини бериш каби масалалар парламентдаги кўпчиликнинг ғоялари ва муштарак фаолияти йўналишларида етарлича акс этмаган.

Қонун нормаларига мувофиқ ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

SHARE