Ўзбекистон 2015 йилда 57 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқаради

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўз қарори билан 2015 йилга электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши балансини тасдиқлади. Унга кўра, Ўзбекистон 2015 йилда 57 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг 55,751 миллиард кВт/с қисми “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан, қолган 1,503 миллиард кВт/с қисми эса бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳосил қилинади.

Қарорда қайд этилишича, “Ўзбекэнерго” ДАК иссиқлик электр станциялари 50,587 кВт/с, ГЭСлар эса 5,163 кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқаради. Қолган қисми бошқа саноат ва тармоқ электр станциялари томонидан ҳосил қилинади.

Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 55,774 кВт/с қисми республика истеъмолчиларига етказиб берилади: 10,491 кВт/с тармоқ ичидаги истеъмолчиларга, 45,282 кВт/с республика истеъмолчиларига берилади. Аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси 9,9 миллиард кВт/с.ни ташкил қилади.

2015 йилда 1,5 миллиард кВт/с электр энергияси экспорт қилиниши кутилмоқда. Бу асосан Афғонистонга етказиб берилади.

Айрим манбаларга кўра, электр энергиянинг қарийб 88 фоизини иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқаради. Уларнинг қарийб 75 фоизи газ сарфи эвазига шаклланади. Мамлакат газ ресурсларининг 19-20 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга, 24 фоизи аҳолига, 20 фоизи экспортга, 19 фоизи нефть-газ соҳаси эҳтиёжларига, 11 фоизи саноат эҳтиёжларига йўналтирилади.