Гурбангули Бердиҳухамедов Ислом Каримовга Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади

Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг телефон сўзлашуви бўлиб ўтди. Унда Гурбангули Бердимуҳамедов Ислом Каримовга Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.

“Фурсатдан фойдаланиб, Туркманистон раҳбари қўши давлат раҳбарига жорий ой охирида Ўзбекистонда кутилаётган Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади”, дейилади Туркманистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Суҳбат чоғида Гурбангули Бердимухамедов ва Ислом Каримов Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди. Транспорт-коммуникация сектори ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди. Хусусан, Туркманистон бу соҳада қатор ташаббусларни илгари сурган бўлиб, улар Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланган ва ҳозирда изчил равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунда минтақавий ва халқаро транспорт инфратузилмасининг ажралмас қисмига айланиши кутилаётган транзит-транспорт йўлакларини ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга оид ишлар самарали ҳамкорликнинг намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Суҳбат давомида томонлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашишди.

Телефон мулоқоти якунида Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари бир-бирини кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклади ҳамда икки давлатнинг қардош халқларига энг яхши тилакларини билдиришди.