Брянскда ҳалок бўлганларнинг жасади Москвага олиб келинди

Россиянинг Брянск вилоятида микроавтобуснинг юк автомобили билан тўқнашиб кетиши натижасида ҳалок бўлган 16 нафар чет эл фуқаролари Москвага олиб келинди. Бу ердан уларни ўз ватанларига юборишади.Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатди.

15 март куни кеч соат 23.00да Брянск вилояти “Брянск—Новозибков” трассасида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси Renault юк автомобили билан тўқнашиб кетган. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, микроавтобусда 19 киши, шу жумладан, ҳайдовчи бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида воқеа жойида 15 киши, шу жумладан, ҳайдовчи вафот этади. Яна икки нафар йўловчи эса туман касалхонасида вафот этди. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар Тожикистон фуқароси ҳам бор.

Ҳозирги кунда касалхонада яна икки киши бўлиб, уларнинг ҳолати ўрта оғир даражада баҳоланган.

Полиция ушбу йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноий иш очган. Айрим маълумотларга кўра, микроавтобус ҳайдовчиси рўлда ухлаб қолган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.

Автоҳалокат натижасида ҳалок бўлганларнинг ҳужжатларни расмийлаштириш учун Ўзбекистоннинг Россиядаги консулхонаси вакили воқеа юз берган ҳудудга келган.

SHARE