Марсия

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Хазратларининг хотирасига

Оппоқ қорлар Беҳиштлардан даракмиди,

Поёндозлар тўшаб, сизни олиб кетди.

Аҳли Ислом қулади бир тоғинг яна.

Юрагида армонлари қолиб кетди.

Бу кун гувох бўлдим ғалат ходисотга.

-Шайх ўлди! деб бир бандаси эди нолон.

Амриқога етган баттол оёғимнинг

Xузурига етмагани менга армон…

-Дўкон қурдим, қатор-қатор, олдим улов

Ўз ўрнимни топдим не-не давраларда

Бир боргина суҳбатларин соғинмадим.

Ғофил бўлиб ул муборак лахзаларда.

Юзга кирса , мингга кирса бўлмасмиди,

Қуёш янглик сочиб илм зиёсини

Бир шаҳарда, бир даврда яшабману.

Олмабмана биттагина дуосини.

Бу бандага юпанч қайда, пушаймони

Виждонини доғлаб-доғлаб ўртар эди.

Атрофидан кимдир йиғлаб, кимлар бефарқ

Замондошлар индамасдан ўтар эди.

Қийналмасдан жон бермоқ хам саодатдир!

Дея қалбга таскин бердим кўкка қараб.

Маволалардан титратгувчи наъра келди:

Хазратимни риёкорлар еди Ё, Раб!

Йиғланг иним, бир яхшига камайди дун,

Йиғланг оға , Алломайи жахон кетди.

Юзларидан тараларди илохий нур.

Раббим суйган покизадил инсон кетди.

Фосиқ сиққан, қаллоб сиққан майдонинга

Фариштақалб фозилингни сиғдирмадинг.

Жохиллари устун бўлган жахонинга

Нечук шундай оқилингни сиғдирмадинг.

Фитна бирла қаро қилиб ислом юзин,

Бир ўзакли биродарлар ётлашмоқда

Ўзга эмас, ўзингники ўйиб кўзинг.

Қон-қариндош душман каби довлашмоқда.

Йиғла юртим, қадим Кўкча мозорида.

Яна битта донишдилинг топди ором.

Бу дунёнинг ҳеч тугамас озорида.

Дуоларга махтал бўлиб қолди авом.

Чорладими Ал Бухорий суҳбатлари.

Пайғамбарлар саломига муштоқмиди?

Зиёратлар қиёматга қолди мана.

У Яратган жамолига муштоқмиди?

Йиғла дунё, бир яхшингни асролмадинг.

Энди бошинг емасайди қабохатлар.

Одамзодни хар куни минг ўлдирмокда.

Бани башар қалбидаги Қиёматлар.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

SHARE