Памела Спратлен: “АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини доимо қўллаб-қувватлаб келади”

“Ўзбекистон ғоят гўзал ва мафтункор диёр, халқингиз жуда меҳмондўст ва бағрикенг. Мен 2008 йилда АҚШ делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлиб, қадимий ва навқирон шаҳарлар Тошкент ва Бухорони зиёрат қилган эдим. Меҳмоннавоз ва меҳридарё ўзбек халқи мени ўшандаёқ мафтун этган эди. Ўзбекистонга келиб бу борадаги таассуротларим янада бойимоқда. Меҳнатсевар ўзбек халқи ғайрат ва шижоат, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшамоқда. Мамлакатингизнинг истиқболи порлоқ”, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним.

Элчи хоним мамлакатни дунёга янада кенгроқ танитишга интилаётган, илмга чанқоқ Ўзбекистон ёшларини ғоят қадрлашини алоҳида қайд этди.

Элчи АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этди. “Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорлик ҳамда очиқ мулоқотга асосланган муносабатлар қарор топган. АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашда ҳеч қачон оғишмаган. Биз ўзаро манфаатдорликка асосланамиз. Бу минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни, мамлакатларимизнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат”, деди элчи.

Элчи АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида юридик соҳада ҳам ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилганини, Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан инглиз тилини ўқитиш бўйича илғор дастурларни ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилинаётганини қайд этди.

“АҚШ Ўзбекистоннинг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни юксалтириш, барқарорлик ва демократияни мустаҳкамлаш борасидаги мақсадлари йўлида яқин ҳамкоридир. Биз Марказий Осиёда хавфсиз, қудратли ва мустақил тараққиёт тарафдоримиз. АҚШ ва Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳамкорлиги терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга оид дастурларни ўз ичига олади”, деди элчи.