Ўзбекистон “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлини яна уч йил бошқаради

Афғонистон ҳукумати “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси билан мамлакат шимолидаги “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлини эксплуатация қилиш тўғрисида битим имзолади. Шартнома уч йил муддатга тузилган.

“РИА Новости” ахборот агентлигининг хабар беришича, имзоланган янги шартнома Афғонистондан юк ташиш ҳажмини йилига 4 миллион тоннага қадар оширишни назарда тутади. Шартнома шартларига кўра, юк ташиш ҳажмидан қатъи назар “Ўзбекистон темир йўллари”нинг йиллик минимал даромади 19 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда Афғонистон ҳукуматига юк ташиш ва транзитда чегирмалар берилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон темир йўллари” Афғонистон ҳукумати билан 2011 йил июнь ойида мазкур темир йўлидан фойдаланиш бўйича битим имзолаган эди. Битимга кўра, мазкур участкада темир йўл хизматини кўрсатиш Ўзбекистон мутахассислари ва паровоз ҳамда вагонлари томонидан амалга оширилади. “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг ушбу темир йўл фаолиятини юритишдан минимал даромади уч йил давомида 96 миллион долларни, юк ташиш қуввати эса 2,2 миллион тоннани ташкил қилиши лозим бўлган.

Мазкур темир йўлаги 2011 йил февраль ойида ишга тушган.

Шуни қайд этиш керакки, “Ҳайратон” орқали Афғонистон импортининг қарийб ярми, гуманитар юкларнинг катта қисми кириб келади.

SHARE