Тошкент вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдгорлиги олиб ташланди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида ушбу шаҳардан қатнашганлар хотираси учун барпо этилган меъморий ёдгорлик бузиб ташланди.

“Телеграф” интернет нашрининг шаҳар ҳокимияти матбуот хизматига таяниб хабар беришича, мазкур чора Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг тегишли буйруғига биноан амалга оширилди.

Маҳаллий аҳоли орасида “Айлана” деб ном қозонган шаҳар марказидаги меъморий ёдгорликнинг баландлиги 10 метрни ташкил қилиб, унинг асосида 3 мертли қўлида қуролли аскар ҳайкали жойлашган эди.

Ҳайкалга рус тилида “Ангрен жангчиларига шарафлар. Ватанимиз эрки ва мустақиллиги учун жангларда ҳалок бўлганларга” қайди битилган эди. Мазкур ёдгорлик фашизм устидан эришилган ғалабанинг 25 йиллиги муносабати билан 1970 йил 9 май куни барпо этилган.
Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда ёдгорлик жуда ёмон ҳолатда эди. Мармар плитка бўлакларга ажралиб, бўёқ ўчиб кетган, аскар ҳайкалининг эса баъзи қисмлари тушиб қолган.

Ушбу ёдгорлик ўрнида нима қурилиши борасида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Шуни қайд этиш керакки, бир қатор рус оммавий ахборот воситалари ушбу воқеани шу йилнинг 9 май куни нишонланадиган Ғалабанинг 70 йиллиги арафасида бузилаётганига асосий эътиборни қаратган.

Айрим манбаларга кўра, ҳозирги кунда шаҳарнинг қиёфасини бутунлай ўзгартириш, унинг ободонлаштириш борасида иш олиб борилмоқда.