Абдулла Орипов. Янги шеърлар

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун.  Эътиборингизга шоирнинг янги ёзилган шеърларини ҳавола этамиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу шеърлар Хуршид Дўстмуҳаммедовнинг шахсий сайтида эълон қилинган.

 

ТУЙҒУ

 

Ҳайратланар кўзлар,

Ҳайратланар қалб,

Ўзи шундоқ бўлар ёшлик маҳали.

Лекин ҳайратингни қўймагин сарфлаб,

Улуғ мўъжизалар олдинда ҳали.

 

Ҳаётда дуч келар турфа вазият,

Кўзларинг ногаҳон ёшга тўлажак.

Уни ҳам майли сен бир нафас тўхтат,

Хурсанд чоғларингда керак бўлажак.

 

Бошқа бир туйғу ҳам мавжуддир бироқ,

У кетсин, дил деган тоза гулшандан.

Азизим, ғазабдан фориғ бўл тезроқ,

Руҳингни халос эт фақат ўшандан.

 

27.02.2015

 

АЙРИЛМА

 

Баҳра ол ҳаётнинг неъматларидан,

Яшаб юр, оламни ҳис қилиб, кўриб.

Ва лекин, пайт келиб, бунинг баридан

Айрилиб қолмагин тириклай туриб.

 

Таниш-билишлар-ку бордир тумонат,

Ким ҳам садоқатга бергай кафолат.

Ҳатто қасам ичган дўст ҳам омонат,

Айрилиб қолмагин тириклай туриб.

 

Қайдадир омадинг юлдузи имлар,

Парда бўладилар, лекин ҳар кимлар.

Бир кун ёдга тушар ўша ғанимлар,

Айрилиб қолмагин тириклай туриб.

 

Ҳар олган нафасинг ўзи ибодат,

Қалбингда яшайди пинҳон муҳаббат.

У – илҳом, у– ҳикмат, у – куч, у – қудрат,

Айрилиб қолмагин тириклай туриб.

 

Дунёда топганинг Ватандир танҳо,

Сенга халқинг ўзи суянч аввало.

Хокинг шу тупроққа бўлғусидир жо,

Айрилиб қолмагин тириклай туриб.

 

25.02.2015

 

КЎЗГУ

 

Бировларни камситиб, ерга уришдан олдин

Каттакон кўзгу қўйиб, ўзингга қараб олгин.

Зарга ўралган билан кесак ҳамиша кесак,

Чолдевор ўртасида кўмилган бир хум олтин.

 

24.02.2015

 

КЕЧУВ

 

Аллақайси замонлар

Ер юзин босиб тўфон,

Неча-неча элларни

Қутуриб тўлқин ютган.

Ва ниҳоят ваҳший сув

Оқиб ўзани томон,

Омон қолган элатлар

Дарёдан кечиб ўтган.

 

Кечувларнинг номи бор,

Ким кўйганин билмайман.

Ҳар ҳолда баҳо мавжуд

Ҳар бирига муносиб.

Рост деган кечув бўлган,

Бунга шубҳа қилмайман,

Аллоҳ раҳмидан асло

Қолмаган у бенасиб..

 

Ёлғон деб аталгандир

Иккинчи кечув номи,

Унда бандалар нуқул

Ўтриклар тўқишгандир.

Иблис йўлдан оздириб,

Йўқолиб интизоми,

Аввал мен ўтаман деб,

Бир-бирин нуқишгандир.

 

Қайси кечувдан ўтдик?

Ҳеч кимнинг ёдида йўқ.

Билганим шу, шоирим,

Биз битта қайиқдамиз.

Мақтов албатта ёқар,

Ёлғондан ҳам кўнгил тўқ,

Фақатгина рост гапдан

Озгина ҳайиқамиз.

 

16.02.2015

 

СУЙМАСА ХУДОЙИМ

 

Суймаса Худойим ўз ишин билгай,

Тилинган жойингни қайтадан тилгай.

Айрилган бўлсанг гар кўздан, қулоқдан,

Сўқир билан карни рўпара қилгай.

 

15.02.2015

 

БАЗЗОЗ

 

Баззоз газламасин сотиб турарди,

Бироқ ўтмас эди бир ўрам мато.

Баъзан елкасига ташлаб кўрарди,

Ҳеч ким олмас эди ўшани аммо.

 

Ундан яктак тикди охири баззоз,

Маъқул деб матонинг шунақасини.

Энди қутлар эди одамлар боз-боз,

Кўрмаганмиз, дерди бунақасини.

 

09.02.2015 йил.

 

ВАФО

 

“Менга вафо қимагач санам

Хотинларга ҳурматим нечун?”

Шу байтларни ёзаётган дам,

Осонмиди Лермонтов учун.

 

Энди мисга айланган олтин,

Вафо сўзин англашар аранг.

Лермонтовни айблашдан олдин,

Ҳаётга ҳам қайрилиб қаранг.

 

08.02.2015 йил.

 

ЎЙЛАРИМ

 

Қадимда чинакам овчи-ю саёҳатчиларда ажойиб бир одат бўлган экан. Улар ўрмонними, тоғними тарк этганларида ўзлари паноҳ топган ғор ёки унгурда чақмоқ тош ҳамда бир оз туз қолдириб кетарканлар. Токи бу жойга кейинчалик йўли тушган одам улардан фойдалансин. Шеърларимиз ҳам келгувси авлод учун ўша чақмоқ тош-у, бир чимдим туз қадар зарур бўлармикан?! Мана шу жиҳат мени кўп ўйлатади…

 

ОҚ ОТ

 

Навоий «Хамса»ни тугатди ёзиб,

Қутлашга йиғилди аркони давлат.

Байқаро айрича ҳурмат кўргазиб,

Оқ отин минишга айлади даъват.

 

Лекин узр деди шоири даврон,

Балки бу ҳолни у кибр деб билди.

Шунда секингина лутф этди Султон:

– Буни отнинг ўзи илтимос қилди…

 

ШИФОКОР

 

Укам Анварга

 

Шифокор бўлишни хоҳладинг яккаш,

Бошқа касбу кордан тамом кечгансан.

«Худо урсин» деган каломга ўхшаш,

Гиппократ номига қасам ичгансан.

 

Араб шайхими у, подачими ё,

Сенинг қабулингда оддий бир бемор.

Қонун қувлаб юрган ўғрини ҳатто,

Даволашинг шартдир, чунки ваъданг бор.

 

Сени шогирдидек яратгандир Раб,

Ҳаётинг инсонга бахшида буткул.

Азиз одам учун турсанг ҳам йиғлаб,

Ёвуз бемордан ҳам узолмайсан қўл.

 

Ҳар қандай мушкулнинг топилар кори,

Ҳаво бор беморинг ётган хонада.

Фақат меҳр деган ноёб бир дори,

Учрамас ҳеч қандай дорихонада.

 

Дейман, бари сенда эрур мужассам,

Халатинг сингари хизматинг ҳам соф.

Гиппократга қанча ичмагин қасам,

Қалбингдан кетмасин Шафқат ва Инсоф.

 

6.02.2015

 

МАШРАБ

 

Энагаси алла айтар Машрабга боз-боз,

– Катта бўлсанг Хон бўласан, аллаё алла.

Ўша заҳот эшитилар бешикдан овоз:

– Алдаё алда!

 

ЯХШИЛИК

 

Ўкинмагин, қартайиб, қариб

Қолдим дема буткул орқада.

Бир кун сенга берар қайтариб,

Ҳаққинг бўлса олақарғада.

 

Яхшилигим кетди, деб бекор,

Афсус чекмас ҳақиқий эрлар.

Бировидан қайтмаса зинҳор

Бошқасидан қайтади дерлар.

 

03.02.2015

 

ЎЗБЕКЧИЛИК

 

Ҳаёт ночорликни бўйнингга илди,

Тўйда ўртакаш ҳам бу ҳолни билди.

Ўтишингдан қўрқиб давра тўрига

Жойингиз пастда, деб ишора қилди.

 

16.03.2015

 

ТАРБИЯЧИ

 

Қавмимни қанчалик зукко деб билмай

Афсус, кўп учратдим савиясизни.

Гапинг тузсиз десанг, ҳеч парво қилмай,

Олдингга келтириб қўяди тузни.

 

Фалончини арслон десангиз агар,

Қайтадан сўрайди: — ҳайвонми, дея.

Ўзини шу ҳолда ақлли санар,

Минглаб соддаларга берар тарбия.

 

16.03.2015 Тошкент, Дўрмон

 

ҚИШЛОҚ ЗИЁЛИЛАРИ

(Эсдаликлардан)

 

Сиздан неча нафар қолди, билмадим,

Орадан ўтди-ку эллик-олтмиш йил.

Сизга эҳтиромим канда қилмадим,

Асло узилмади Сиздан бу кўнгил.

 

Бирингиз фельдшерсиз — ўртача дўхтир,

Бирингиз муаллим — галстук таққан.

Сизда армон деган сўз ўзи йўқдир,

Сиз — нурли уфққа энтикиб боққан.

 

Намуна бўлдингиз қишлоққа, элга,

Ўрисча сўзни ҳам қотирардингиз.

Риоя айлашиб адабий тилга

“Жуда”ни “йуда” деб гапирардингиз.

 

Ўзни нимагадир айлаб сафарбар,

Ҳаёлий душманга қирон солгансиз.

Ўқ ебди, дейишса, қайдадир аскар,

Сиз ҳам бошингизни бойлаб олгансиз.

 

Сиз дўхтир бўлгансиз, билмасдан асли

Қаерда жойлашган ўпка ё юрак.

Беморга бергансиз таскин-тасалли,

Ҳар хил дори-дармон шарт эмас демак.

 

Муаллим бўлгансиз, битта костюмни

Роса йигирма йил тепкилаб кийган.

Бирор шогирдингиз беш олган куни

Қалбингиз Наполеон фахрини туйган.

 

Сизни чулғаб олмиш ишонч мутлақо,

Буюк орзуларга тўлиққан мия.

Қоқ пўстак устида ёстиқсиз ҳатто

Уйқуга кетгансиз “Яшасин!” дея.

 

Сизни қадрларди эл-юрт бегумон,

Сиз ҳам халқ қадрига шаксиз етгансиз.

Лекин барчангиз ҳам ба ҳукми замон

Бири икки бўлмай ўтиб кетгансиз.

 

14.03.2015

 

ПОЕЗДДА

 

Қаршигами, Термизгами поезд юрар,

Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар.

Бири дейди: – Минг шукурки, уйимиз бор,

Тарновлари оқ тунука, заб нақшинкор.

 

Униси дер: – Бизники ҳам жуда кўркам,

Бордир ҳатто ҳовлисининг девори ҳам.

Қаршигами, Термизгами поезд юрар,

Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар.

 

06.03.2015

 

МОНОЛОГ

 

Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,

Шу йўлда тобланди ақл ва юрак.

Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,

Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?

 

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,

Нажот деворига тирмашдим узоқ.

Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,

Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

 

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,

Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.

Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,

Сенга ўтрик айтиш нимага керак?

 

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,

Оёғин яладим мушукдай ҳатто.

Эгилди бир замон тик бўлган қомат,

Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

 

Энди сен боболар шавкатига боқ,

Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.

Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ.

Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

 

13.03.2015

 

ШОИР

 

Шоир деганлари шаҳиддир – хунсиз,

Учинчи дунёдир – кундузсиз, тунсиз.

Бола каби кулар, бироқ кўзда ёш,

Бола каби йиғлар, ва лекин унсиз.

 

19.03.2015

 

КУНДАЛИК ГАПЛАР

 

Менга ташвишлардан йироқ юр, дейсан,

Чарчагансан, дейсан, шундайликча ҳам.

Фақат сен муттасил ғамимни ейсан,

Лекин ҳаёт бошқа, азизам, бекам.

 

Магар кирсанг бирор дорихонага,

Киссавур ургандай чиқасан бўм-бўш.

Ишонгин ҳозирги бу афсонага,

Нолимай, ақчангга қилгин хайр-хўш.

 

Ишхонанг эшигин бесўроқ албат

Кимдир очиб кирар салобат билан.

Ҳеч бир муросага қилолмас тоқат,

Даҳоман, дейди у важоҳат билан.

 

Уйингга қайтасан, набиралар шод,

Бобом келдилар, деб солади чуввос.

Сен учун ўша дам бошланар ҳаёт,

Тоза ва мусаффо хаёлингга мос.

 

Гўё ўзанига тушгандай дарё,

Гўёки йўқ энди ҳеч кимдан гинанг.

Чой келар, шопириб қарайсан, оббо,

Дамлашни билмабди кичкинтойгинанг.

 

18.03.2015

 

ТАСКИН

 

Юрагинг сиқилса,

Дилинг бўлса ғаш,

Турфа давраларни йиғиштир барин.

Яхшиси, дарахтлар билан суҳбатлаш,

Баҳам кўр ям-яшил хотираларин.

 

Юрагинг сиқилса,

Қийнаса ўйлар,

Юзни бур дарёнинг мавжлари томон.

Тиниқ чашмалардан сўйлайди улар,

Бундоқ суҳбатдошни топмоғинг гумон.

 

Юрагинг сиқилса,

Тор келса дунё,

Эрка шамолларнинг этагин тутгин.

Улар кўпни кўрган сайёҳдир гўё,

Улардан энг ажиб эртаклар кутгин.

 

Юрагинг сиқилса,

Тиқилса нафас,

Сен борлиқ қўйнига олиб кетгин бош.

Балки ўзга дийдор энди шарт эмас,

Балки керакмасдир бошқа суҳбатдош.