Ўзбекистондаги энг йирик тижорат портали янги ном остида фаолият юритади

2015 йилнинг 31 мартидан Torg.com эълонлар портали OLX.uz деб қайта номланади. Мазкур онлайн-лойиҳа эндиликда OLX бренди остида фаолият юритади.

Ҳозирча ушбу тижорат келишувининг суммаси ва бошқа тафсилотлари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Torg.com вакилларига кўра, бу қайта номлаш фақатгина сайт номи ва логотипининг ўзгаришини ўз ичига олади. Қолган барча хизматлар аввалги тартибда ишлайверади.

OLX.uz лойиҳаси раҳбари Вячеслав Каннинг сўзларига кўра, бу ребрендингдан мақсад Ўзбекистон бозорида Torg.com эришган барча ютуқлар ва муваффақиятларни сақлаб қолишдан иборат.

Шуни айтиш керакки, порталнинг ойлик фойдаланувчилари сони 2,5 миллион нафардан ошади.

OLX эълонлар онлайн-портали хизматини бепул тақдим қилувчи жаҳонга машҳур халқаро сайтлар тармоғи ҳисобланади. Бугунги кунда бу халқаро тармоққа 40 дан ортиқ давлат киради. Ҳар бир сайт фақатгина ўзи фаолият юритадиган мамлакат учунгина хизматларни тақдим қилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 200 млндан ортиқроқ фойдаланувчи OLX сайтларига ташриф буюради.

2015 йил 31 мартдан torg.com манзили бўйича мурожаат қилган барча фойдаланувчилар автоматик тарзда olx.uz манзилига жўнатилади.

OLX (onlineexchange) Фабрис Гринд ва Алек Оксенфорд томонидан асос солинган эълонлар портали бренди ҳисобланади.

SHARE