АҚШда ўзбек рақс санъати тўгараги ёхуд “Қизлар учун энг қулай спорт тури”

Ўзбек миллий санъат турлари саноқсиз бўлсада, уларнинг орасида рақс санъати ўзининг бетакрор гўзаллиги, сирли нафосати, ҳамда ўзига хос нозик ҳамда мураккаблиги билан ажралиб туради. У шундай санъатки, қайси ёш ижросида акс эттирилмасин, ўз жозибасини сира йўқотмайди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, жажжи болажонлар ижросидаги ҳар қандай рақс кишини қувонтирмай қўймайди. АҚШнинг Нъю Йорк штатида, Бруклин шаҳрида ана шундай бир гуруҳ ширин болажонларни ўз ичига олган, “iDance” студияси томонидан ташкил этилган кичик ўзбек миллий рақс тўгараги аллақачон АҚШда истиқомат қиладиган ватандошларимиз орасида танилиб улгурган. Кўпгина ватандошларимиз талабларига биноан, тўгарак аъзолари ҳамда етакчиларини суҳбатга тортишга қарор қилдик.

iDance студияси таниқли халқаро раққоса, асли Ўзбекистонлик Лаура Прокопенко ташаббуси билан кўп йиллар олдин ташкил этилган бўлиб унда деярли барча шарқ рақслари, ҳиндча рақслар, лезгинка, фламенко, ва дунёнинг бошқа кўплаб рақс турларидан сабоқ берилади. 2014-йил, сентябр ойида ушбу студияда ўзбек миллий рақслари тўгараги очишга расман рухсат берилди. Тўгаракка дастлаб таниқли раққоса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист раққоса Суғдиёна Исроилова, ҳозирда эса Малика Турдиeва дарс бериб келмоқда. Малика опа нафақат ўзбек миллий рақслари, балки азарбайжонча, ҳиндча, грузинча, эронча, ва татар халқи рақсларини ҳам ўргатиб келмоқда. Малика опа Турдиeва Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият Институтининг хореография бўлимида таҳсил олган. Ундан кейин эса, Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Институтининг психология бўлимини тугатган. “Мен iDance-да рақсдан мураббийлик қилаётганимга энди 7-8 ой бўлаётган бўлсада, ўз ишимни ва ўқувчиларимни севганим боис, бу қисқа муддат жуда кўп йиллардек туюлади” дейди Малика опа қувониб.

idance3

Малика опа ўз ўқувчилари билан АҚШдаги ватандошларимиз томонидан ташкил этилган деярли барча тадбирларда, қолаверса миллий байрамларимизда фаол қатнашиб келишади. iDance студиясининг оқувчилари аллақачон кўплаб ютуқларга эга бўлиб улгуришган. Ўтган йилги Маямида ўтказилган “Шарқ Рақслари” фестивалида 1-ўринни қўлга киритишган. Шунинг билан биргаликда, iDance ўқувчилари сентябр ойида ўтказилган Озодбек Назарбековнинг Нъю Йоркдаги концертида, ҳамда Мастер театрида бўлиб ўтган “Шарқ Эртаклари” деб номланган студиянинг йиллик якуний концертида ўз рақс маҳоратларини намоён этишган. Бундан ташқари, Нъю Жерсида ўтказилган “Раққоса” фестивалида, ҳамда яқиндагина Нъю Йоркдаги “City Hall” да ва Пенсилъваниа штатида ўтказилган Наврўз байрамларида фаол қатнашиб рағбатлантирувчи махсус сертфикатларга эга бўлишган.

Айни дамда, болажонларни ҳам суҳбатда тортдишга қарор қилдик. Уларга дастлаб “Нега айнан рақс тўгарагини танладингиз?” деган савол билан мурожаат қилдик, ва қуйидаги жавобларни олдик:

Комила, 10 ёшда: “Чунки биз қизлар ўғил болаларга нисбаттан спорт машғулотларига камроқ қатнаймиз. Лекин, спорт билан шуғулланиш жуда ҳам муҳим. Менимча, қизлар учун спорт билан шуғулланишнинг энг яхши йўли, бу рақс. iDance-да биз ҳам спорт, ҳам ўзимизниг миллий рақсларимизни ўрганамиз”

Ширина, 9 ёшда: “Менинг рақсга қатнашишимнинг энг асосий сабабларидан бири – бу бизнинг оиламиз. Менинг ойим, дадам, бувим ҳаммалари машҳур раққослар бўлишган. Мен ҳам уларга ҳавас қилиб, ана шу анъанани давом эттиряпман. Тўгаракка иккита синглим ҳам қатнашишади. Қолаверса, бу ерда дўстларим кўп. Рақс пайтида бирор бир хато қилсам, ўқитувчимдан ҳам олдин дўстларим тўғирлашади.”

Лазиза, 11 ёшда: “Мен шунчаки рақсга тушишни ёқтирганим учун келганман. Бу ерда ўқитучимизни ҳаммамиз жуда ҳам яхши кўрамиз. У киши хатоларимизни тўғирлашда бироз қаттиқ гапирсалар ҳам хафа бўлмаймиз, чунки бизни яхши кўришларини ҳаммамиз биламиз. Яна менга тўгаракнинг энг ёқадиган қисми бу тўгарак бошида ҳар доим, тетиклашиб олишимиз учун хоҳлаган мусиқамизга, хоҳлаган рақсимизни ижро этишимиз. Бу бор йўғи 10-15дақиқа бўлса ҳам, ҳаммамизга ёқади, ва руҳиятимизни кўтаради.”

Ушбу саволимизга Фируза, Тамила, Омина, ва Рисолатлар эса бир овозда “Биз рақсни, дўстларимизни, ҳамда ўқитувчимизни яхши кўрганимиз учун келамиз” деб жавоб беришди. Қайси қўшиққа рақсга тушиш ёқади деган саволга эса қизларнинг бари “Отмагай Тонг” қўшиғи деб айтишди. Билишимизча, айни дамда улар шу қўшиқ рақси устида ишлашишаётган экан.

Тўгарак ҳақида кўпроқ билиш мақсадида Малика опани суҳбатга тортдик.

Малика опа, тўгаракка қайси ёшдаги болалар қатнашишлари мумкин?
– “Бизда нафақат болажонлар, балки катталар ҳам қатнашишлари мумкин. Ҳозирда, 4 ёшдан 13 ёшгача бўлган турли миллатларга мансуб 12 нафар ўқувчилармиз бор.”

Янги келган ўқувчиларни баҳолаш, қайси даражада эканликларини аниқлаш жараёни қай тарзда кечади?
“Янги ўқувчиларимизни ўзим бирма бир баҳолайман. Агар рақс санъатидан хабардор, фақат ўз устида ишлаши керак бўлган ўқувчи бўлса, уни маълум бир гуруҳим билан қўяман. Агар рақсдан унчалик хабари бўлмаган, энди бошлаётган ўқувчи бўлса бошида маълум бир муддат давомида ўзим шахсан у билан ишлайман.

Рақсларга қўшиқ танлаш жараёни қандай кечади?
“Биз кўпинча ўзбек миллий рақсларига эътибор қаратсакда, лекин халқаро мусиқаларни ҳам дастуримизга киритиб туришни афзал кўрамиз. Чунки менинг фикримча, болалар бутун дунё мусиқа ва рақслари орқали, уларнинг маданияти, урф одати ҳақида ҳам қандайдир қизиқарли маълумотга эга бўлишади. Ўзбекча қўшиқ ва мусиқаларимизнинг ижрочиси созанда ва хонанда Жаҳонгир Турдиeв. Жаҳонгир ака ўз вақтини аямай рақсларимизга жонли ижродаги қўшиқ ва мусиқаларини улашиб туради.”

Тўгаракнинг муваффақиятига болажонларнинг ота-оналари ҳам бевосита хизмат кўрсатаётганларига амин бўлдик. Оминанинг онаси Гулбаҳор опа Пулатова фарзандини ушбу тўгаракка қатнаётганидан жуда ҳам мамнун эканлигини эслатиб ўтди. Ҳозирда гуруҳнинг рақс либосларини шахсан Гулбаҳор опанинг ўзи тикиб берар экан. Суғдиёна Исроилова эса ўзбек қизларимиз АҚШда ўзбек миллий рақс санъатини ўрганишаётганидан жуда ҳам хурсанд эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Тўгаракка ўз фарзандларини қўйиш истагида бўлган ота-оналар қуйидаги маълумот орқали уланишлари мумкин. iDance-нинг ушбу гуруҳи ҳафтанинг ҳар Сешанба ва Пайшанба кунлари соат 18:00 дан 19:00 гача учрашишади.

Маълумотлар учун:
iDance: 1 (585) 584-1914
Манзил: Мастер Театр
iDance Studio
1029 Brightton Beach Ave,
Brooklyn, NY 11235
www.idance-nyc.com

Нилуфар Салимова суҳбатлашди