Европа Иттифоқи Ўзбекистонга сайлов масаласида ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйча бюросининг сайлов бўйича тавсияларини тўлиқ бажаришга чақирди. Бу ҳақда Kun.uz Евроиттифоқ ташқи ишлар вазири вакилининг коммюникесига асосланиб хабар тарқатди.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматининг сайловга имкон қадар кўпроқ маҳаллий ва халқаро кузатувчиларни таклиф этиш борасидаги интилишларини тан олади ва сайловда бўладиган қонунбузилиши ҳолатларига қарши самарали курашишга чақиради.

“Европа Иттифоқи сайлов жараёнини ЕХҲТ олдидаги мажбуриятлар ва демократик сайловларнинг бошқа халқаро стандартларига мувофиқ тарзда ўтказиш борасидаги интилишларда Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр”, – дейилади коммюникеда.

“Афсуски, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг аввалги тавсиялари Ўзбекистон ҳукумати томонидан қисман бажарилган. Европа Иттифоқи ушбу муҳим тавсияларни тўлиқ бажаришга яна бир бор чақириб қолади”, – дея қўшимча қилинган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Ўзбекистонда Президент сайлови бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, амалдаги Президент Ислом Каримов сайловчиларнинг 90,39 фоиз овозини қўлга киритиб, яққол етакчилик қилмоқда. Сайловнинг якуний натижалари 10 кун ичида эълон қилинади.

SHARE