Эрон ядровий дастури бўйича муҳим келишувга эришилди

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бир ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида давом этган Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар яхши янгилик билан якунланди. BBC хабар беришича, якуни ҳужжат 30 июнь куни имзоланади.

Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия + Германия иштирокидаги мулоқотлар 31 март куни якунланиши керак эди, аммо 2 апрелга қадар давом этди.

Твиттердаги саҳифаси орқали Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф “ечимлар топилди, битимни зудлик билан ишлаб чиқишга тайёр”, деб ёзди.

Германия ташқи ишлар вазирлиги эса “якуний битим тўғрисидаги доиравий ҳужжат имзоланди”, деб хабар тарқатди. АҚШ Давлати котиби Жон Керри эса “Буюк кун… Якуний битим устида ишлашга тезда қайтамиз”, деб хабар қолдирди.

Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳу эса ҳар қандай битим Эроннинг ядровий қурол яратиш қобилиятини сезиларли даражада чеклаши ҳамда унинг терроризм ва агрессиясини тўхтатиши кераклигини қайд этган.

Reuters хабар беришича, Эроннинг нефть ва банк соҳасига жорий қилинган халқаро санкциялар бекор қилинади.

Келишувнинг тафсилотларига кўра, Эрондаги ураннинг катта қисми мамлакатдан олиб чиқиб кетилади. Битим тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида тарқаганидан сўнг дунё биржаларида нефть нархи 5 фоизга арзонлашди.

SHARE