Алишер Усмонов Ўзбекистонда хайрия жамғармаларини ташкил этиш нияти борлигини маълум қилди

Асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов бор давлатини фақат хайрия мақсадларига сарфлаши мумкинлигини маълум қилди.

Миллиардер Forbes журналига айтишича, “биринчидан, менинг меросхўрларим йўқ. Чунки менинг фарзандларим йўқ, қолган ҳамма гап-сўзлар эса – уйдирма. Қариндошларим ўзига тўқ, бадавлат инсонлар ва уларга менинг меросим керак эмас”.

У маблағларини хайрия жамғармаси фойдасига мерос қилиб қолдириш масаласи ҳақида тўхталиб, Худо умр берса, бу ҳақда ўйлаб кўришини ва албатта бундай жамғармаларни ташкил этишини қайд этди.

“Масалан, ҳаётий муҳим бўлган жамғармаларни – Россияда ва менинг тарихий Ватаним – Ўзбекистонда фан, санъат ва спорт билан боғлиқ бўлган жамғармаларни ташкил этаман. Бу жамғармалар мамлакатларга илмий изланишлари қўллаб-қувватлашга, ёшларга ҳаётда ўз йўли, ўрнини топишга ёрдам беради”, – дея қўшимча қилди Алишер Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Тошкентда қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақа очилиш маросимида мусобақа ташкилотчилари, хусусан, жаҳон қиличбозлигининг катта ҳомийси, яъни Жаҳон федерацияси президенти ҳисобланган россиялик миллиардер Алишер Усмонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

© Twitter / @sanjarrizayev
© Twitter / @sanjarrizayev