Россия Ямандан 47 нафар Ўзбекистон фуқаросини эвакуация қилди

Россия Федерацияси Ямандаги МДҲ мамлакатлари фуқаролари, шу жумладан, 47 нафар Ўзбекистон фуқаросини эвакуация қилди. Бу ҳақда “ТАСС” Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар тарқатди.

Хусусан, 3 апрель куни 152 нафар Россия, 47 нафар Ўзбекистон, 16 нафар Беларусь, 8 нафар Украина, 6 нафар Украина, 6 нафар Озарбойжон, 4 нафар Қирғизистон, 4 нафар Молдовия фуқаролари Москвага олиб келинган. Бундан аввалроқ Россия 3 нафар Ўзбекистон фуқаросини Москвага олиб келган эди.

Россиянинг Санодаги элчихонаси вакилларига кўра, эвакуация тадбирлари 4 апрель куни ҳам давом эттирилади. Айрим манбаларга кўра, Яманда 3 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар асосан тиббиёт соҳасида фаолият юритади.

Эслаб ўтамиз, Яманда амалдаги ҳукуматга қарши ҳарбий кучларнинг таҳдиди ортгач, Саудия Арабистони ва бир қатор араб мамлакатлари ҳаводан зарба бермоқда.