“АҚШ хавфсизлиги Марказий Осиёдаги барқарорлик билан бевосита боғлиқ”

Шу йилнинг 31 март куни Вашингтондаги Брукингс институтида АҚШ давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен АҚШнинг Марказий Осиёдаги узоқ муддатли истиқболлари ҳақида маъруза қилди. Маърузада АҚШнинг Марказий Осиё бўйича сиёсатининг асосий йўналишлари очиб берилган.

“Қўшинимиз Афғонистондан олиб чиқилиши билан Марказий Осиё АҚШ учун қизиқиш уйғотмай қўйди, деган фикрлар пайдо бўлди. Аммо бундай эмас. Биз ҳамкорликни ривожлантириш сиёсатимизга ва минтақада ўз манфаатимизни ҳамда қадриятларимизни илгари суришга содиқ қоламиз”, деди у ўз маърузасида.

Америкалик дипломатга кўра, “бунинг сабаби оддий: бизнинг хавфсизлигимиз Марказий Осиёдаги барқарорлик билан узвий боғлиқдир. Айни пайтда биз ушбу минтақанинг улкан салоҳиятини кўраяпмиз. Минтақа Истамбул ва Шанхайни боғлайдиган иқтисодий кўприк вазифасини бажариши мумкин. Минтақа жадал ривожланаётган Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига энергия ва товарлар етказиб бериши мумкин. Минтақа Афғонистондаги ўтиш даврида барқарорлаштирувчи аҳамият касб этиши мумкин”.

АҚШ давлат котиби ўринбосарига кўра, Американинг Марказий Осиёдаги сиёсий қарашлари иккита ғояга асосланади. Биринчиси АҚШ терроризмга ва зўравон экстремизмга қарши глобал саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшаётган бирмунча барқарор ва хавфсиз Марказий Осиё орқали ўз хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Иккинчидан, ушбу барқарорликни янада самарали даражага чиқариш мумкин. Бунинг учун минтақадаги давлатлар мустақил ва суверен, ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун тўлақонли салоҳиятга эга бўлса, Осиёнинг бошқа ривожланаётган мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантирса айни муддао бўлади.

Қўшма Штатлар Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати билан икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни истайди. Бунда у ёки бу мамлакат билан устувор ёки экслюзив муносабат ўрнатилмайди. Бу уларнинг танлови, ким билан хоҳласа, ўша билан алоқаларни кучайтиради.

АҚШ давлат котиби ўринбосарининг айтишича, АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари ривожлантириш орқали учта мақсадни кўзламоқда: ўзаро хавфсизликни таъминлаш учун шериклик муносабатларини мустаҳкамлаяпти, иқтисодий соҳада жуда қалин ҳамкорликни ўрнатаяпти. Янада самарали давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқларига риоя этишни илгари суряпти.

SHARE