Барак Обама Ислом Каримовни сайловда ғалаба қозонгани билан қутлади

АҚШ Президенти Барак Обама Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни сайловдаги ғалабаси билан табрикди.

“Сиз Президент лавозимида навбатдаги муддатда иш бошлаётганингиз муносабати билан Сизга ва Ўзбекистон халқига тинчлик ва равнақ тилайман”, дейилади Барак Обама йўллаган телеграммада.

АҚШ раҳбари қайд этишича, Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида муштарак манфаатлар мавжуд бўлиб, улар ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкам ва изчил ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. “Шунингдек, биз кўплаб умумий таҳдидларга ҳам дуч келмоқдамиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз икки томонлама муносабатларимиз кенгайишига, шериклигимиз халқларимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади”, деди у.

Бугунги таҳликали дунёда доимий барқарорлик ва хавфсизликка демократик ва масъулиятли бошқарувсиз, жумладан, асосий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилмасдан эришиб бўлмайди.

“Президент лавозимида янги муддатдаги фаолиятингизда ушбу муҳим масалалар бўйича Сиз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидаман. Америка халқи номидан Ўзбекистон халқига эзгу истакларимни йўллаб, мамлакатингизга тинчлик ва тараққиёт тилайман”, деб хулоса қилади Барак Обама.

Ўзбекистон раҳбарини, шунингдек, Россия Федерацияси, Хитой раҳбарлари ва бошқа мамлакатлар раҳбарлари ҳам табриклади.