Туркия ҳукумати ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйди

Туркия ҳукумати Twitter, Facebook ва YouTube сингари ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйди. Бунга Истанбулда қуролли шахслар томонидан гаровга олинган ва ҳарбий амалиёт чоғида ҳалок бўлган прокурор суратини олиб ташлашни рад қилгани сабаб бўлган. Аммо бир неча соатдан сўнг ижтимоий тармоқ вакиллари суд қарорини бажарганидан сўнг тақиқ бекор қилинган.

“Hürriyet” газетасининг ёзишича, суд мамлакатдаги 166 та сайтни ушбу расмни чоп этгани учун ёпиб қўйган. Facebook, Google, Twitter ижтимоий тармоқ вакиллари ўз фойдаланувчилари учун сервис фаолиятини тиклаш чораларини кўраётганини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 31 март куни икки нафар қуролланган шахс Гези паркида намойиш вақтида ҳалок бўлган Беркин Элван ишини олиб бораётган прокурор Меҳмет Селим Киразни гаровга олади. Киразнинг пешонасига қурол уқталиб турган сурат Туркия ва бошқа мамлакатлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларида кенг тарқалди.

Туркия ҳукумати эса буни “терроризм тарғиботи” қиёслаб, бир қатор оммавий ахборот воситаларига нисбатан суриштирув ишларини бошлаган.