Ўзбекистон 2015 йилда нефть ва газ соҳасида 7,1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширади

2015 йилда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси хорижий инвесторлар билан биргаликда умумий қиймати 7,1 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширади.

“РИА Новости”нинг хабар беришича, ушбу йўналишда тайёрланган дастур нефть ва газ тармоғидаги ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича 39 та лойиҳани ўз ичига олади. Ушбу лойиҳаларга 5,1 млрд. АҚШ доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар, 1,14 млрд. доллар миқдорида хусусий маблағлар, Ўзбекистон Реконструкция ва ривожлантириш фондининг 543,8 млн. доллар, Ўзбекистон банкларининг 313,7 млн. Доллар инвестицияси йўналтирилади.

Хусусан, Россиянинг «LUKOIL» компанияси жорий йилда умумий қиймати 2,66 млрд. долларга тенг бўлган Бухоро вилоятидаги газни қайта ишлаш заводини қуриш ва Қандим конлари гуруҳи инфратузилмасини шакллантириш бўйича лойиҳалар ижроасининг фаол босқичига ўтади. Жумладан, 2019 йилгача йилига 8,1 млрд. куб метр газ ишлаб чиқариш қувватига эга ГҚИЗ қурилиши режалаштирилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» ва Хитойнинг CNPC компанияси умумий қиймати 800 млн. долларга тенг «Марказий Осиё — Хитой» газ қувури ўзбек қисмининг тўртинчи линияси қурилишини бошлайди. 20 млрд. куб метр газ ишлаб чиқариш қувватига эга газ қувурини 2017 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.