Қозоғистонда автобус ағдарилиб кетиши оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик вафот этди

Ғарбий-Қозоғистон вилоятидаги трассада йўловчи автобуси ағнаб тушиши натижасида тўрт киши вафот этди, 24 нафар киши турли даражада тан жароҳати олди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, автобус Чимкентдан Москвага кетаётган бўлган. Ҳалокат Сирим тумани ҳудудида юз берган. “Йўл-транспорт ҳодисаси Чимкент — Самара трассасининг 1927-километрида юз берди. Автобус йўл бурилишида ағанаб тушган. Жабрланганлар туман ва вилоят касалхоналарига жойлаштирилган”, деб хабар беради Қозоғистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили.