Бруклинда “Ислом давлати”га ёрдам берганликда айбланиб Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди

Бруклинда яшовчи 26 яшар Ўзбекистон фуқароси суд қарори билан ҳибсга олинди. The New York Times нашрининг хабар беришича, Дилҳаёт Қосимов Абдурасул Жўрабоев, Аҳрор Саидаҳметов, Аброр Ҳабибовлар иши бўйича қўлга олинган. Улар шу йилнинг февраль ойида ҳисбга олинган эди.

АҚШ прокуратураси маълумотларига кўра, махфий кузатув остида Жўрабоев ва Саидаҳметов “Ислом давлати”га мойиллик билан гапирган ва ушбу ташкилот сафига қўшилиш учун Туркияга авиачипта ҳам харид қилган. Ҳабибовнинг Бруклинда телефон тузатадиган киоскаси бўлиб, Саидаҳметов эса унга кўмак бериб юрган. Ҳабибов айнан Саидаҳметовга Туркия сафарини уюштиришга молиявий тарафдан ёрдам берган.

Прокуратурага кўра, Қосимов ҳам Ҳабибов билан бирга ишлаган ва Бруклинда истиқомат қилган. У ҳам Саидаҳметовга Туркияга сафар қилиш учун маблағ йиғишга ёрдам берган.

Прокуратура маълумотларига кўра, ушбу шахслар бир неча кишидан 1600 доллар миқдорида маблағ тўплашган ва Саидаҳметов Туркияга учиб кетадиган кун Жон Кеннеди халқаро аэропортига олиб бориб беришади. Қосимов чоршанба куни дастлабки суд эшитувида иштирок этади.