Қрим татарлари Ўзбекистонга ўз делегациясини юбормоқчи

Қрим ҳукумати Ўзбекистонга ўз делегациясини юбормоқчи. Делегация узоқ муддатдан сўнг ўз она ватанига қайтган қрим татарлари ҳақида маълумот олишни тезлаштиришни мақсад қилган. Бу ҳақда Қрим Республикаси раҳбари Сергей Аксенов “Намус” қрим татар халқи оқсоқоллари кенгаши вакиллари билан учрашувда маълум қилган.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, оқсоқоллар кенгаши аъзолари сургун бўлганлар реабилитацияси ҳақида маълумотномани олиш муддати чўзилиб кетаётганидан нолишган. Уларнинг фикрича, Ўзбекистондан юборилган сўров бўйича маълумот олиш жуда кечикмоқда. Қрим татарларининг аксарияти 1944 йилда айнан Ўзбекистонга кўчирилган.

Шу муносабат билан С. Аксенов Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров номига хат тайёрлашни ва ушбу муаммони ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ ташкил қилишни сўрашини маълум қилган.

И. Сталиннинг 1944 йилдаги буйруғига биноан қарийб 185 минг қрим татарлари сургун қилинади, уларнинг 151 мингдан ортиғи Ўзбекистонда қўним топади.

SHARE