Сенатор Рэнд Пол АҚШ президенти сайловида иштирок этишини маълум қилди

Кентукки штатидан сенатор Рэнд Пол Республикачилар партиясидан АҚШ президентлиги лавозими учун курашишини маълум қилди. Сайлов 2016 йилда бўлиб ўтади.

“Мен мамлакатимизни эркинлик ва ҳукуматнинг жамият ҳаётига аралишиши чекланиши тамойилларига қайтариш учун президент бўлмоқчиман”, дейилади Рэнд Полнинг расмий сайтида.

Шуни алоҳида қайдэтиш керакки, сенаторнинг қарашлари аксарият республикачиларникидан фарқ қилади. Унинг партиядошлари кўп ҳам хуш кўришмайди. Унга учувчисиз дронлардан фойдаланиш ҳамда Куба ва Эронга нисбатан санкциялар бўйича қарашларига очиқчасига эътироз билдиришади.

Аммо ҳозирча республикачилар праймеризида Пол қанчалик қўллаб-қувватловга эришиши номаълум. Унинг отаси Рон Пол ҳам бир неча марта президентлик пойгасига чиқишга уриниб кўрган эди.

Рэнд Пол ўз сайловолди кампаниясида ёш америкаликларга таянмоқчи. Шунинг учун ҳам фаолиятида янги технологиялар ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланишни режалаштирган.

Хабарларга кўра, кейинги ҳафта давомида демократлар партиясидан Ҳиллари Клинтон ўз номзодини илгари суришини эълон қилади.

Шуни қайд этиш керакки, номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этиш учун аввал партиянинг дастлабки праймеризида иштирок этиши ва партиядошларининг қўллаб-қувватлашига эришиши лозим.