Ўзбекистон АҚШнинг солиқ жарималари тўғрисидаги қонун талабларини бажаришга рози бўлди

Ўзбекистон ва АҚШ FATCA (хорижий ҳисоб рақамларини солиққа тортиш тўғрисида) доирасидаги жарималар тўғрисидаги қонунни бажариш бўйича ҳамкорлик қилишга доир битимни имзолади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар тарқатди.

FATCA қонун чет эл банкларидан америкалик мижозлари ҳисоб-рақамлари ҳақида АҚШ солиқ идорасига маълумот беришни талаб қилади. Бу талабни бажармаган банклардан ҳар бир тўлов бўйича 30 фоиз миқдорида жарима ундирилади.

“Битим АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев томонидан имзоланди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу ҳужжатни имзолаган биринчи мамлакатга айланди”, дейилади элчихона хабарида.

АҚШнинг FATCA бўйича қонуни бошқа давлатларнинг солиқ органлари билан қатъий ўрнатилган тартибда маълумотларни электрон алмашишни кўзда тутади. Ушбу қонун бўйича ҳукуматлараро ҳужжатни имзолаган мамлакатлар сони 60 дан ошади.