Ислом Каримовнинг инаугурация маросими 10 апрель куни бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг инаугурация маросими шу йилнинг 10 апрель куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Тренд” ахборот агентлиги Марказий сайлов комиссиясидаги манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган Президент сайловида 90,39 фоиз овоз тўплаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига биноан, Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.