Марғилонлик отахон Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига велосипедда боришни режалаштирмоқда

65 яшар Акром Маъруфжонов велосипедда Россияда 2018 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига ташриф буюрмоқчи. 12news.uz сайтининг ёзишича, отахон ҳозирги кунда ҳамроҳ қидирмоқда.

Марғилонлик отахон мундиаль ўйинлари бўлиб ўтадиган Россиянинг барча шаҳарларини айланиб чиқишни режалаштирмоқда.

Шуни қайд этиш керакки, отахон учун бундай сафарлар биринчи марта эмас. У 1995 йилда Маккага Ҳаж зиёратини велосипедда амалга оширган. 2006 йил ёзида эса Германияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати баҳслари учун 6830 километр йўл босиб, Германия миллий терма жамоаси сардори Оливер Кан билан учрашган эди. У 2010 йилда ЖАР, 2014 йилда Бразилияга бора олмаганидан афсусланади.