Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги нишонланди

9 апрель куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллудининг 679 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

ЎзАнинг хабар беришича, Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, бошқа соҳалардаги улкан ва бой меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимизда ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб асарлар яратилмоқда, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Булар Соҳибқирон шахсияти ва уни етиштирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак. Бобокалонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг асосий мезонига айланган.

Соҳибқирон ўз тузукларида “Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳлининг ашроф-улуғлари билан дўст тутиндим”, яна бир ўринда “ақлли кишилар ва кенгаш соҳиблари, эҳтиёткор, қатъиятли арбоблар, кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи кекса ва тажрибали кишиларни хос мажлисимга киритиб, уларнинг суҳбатларидан, ишларидан наф олиб, тажрибалар ҳосил қилардим”, деб қайд этади. Бу “Куч – адолатда” шиорига амал қилинган буюк салтанатда инсон ва унинг шаъну шавкати олий қадрият сифатида юксак баҳоланганидан далолат беради.

Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов Амир Темур монологини, ёш шоир Фахриддин Ҳайит Соҳибқиронга бағишланган шеърини ўқиб берди.

Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.

SHARE