Украина “коммунизмдан тўлиқ халос бўлиш”га қарор қилди

Украина парламенти мамлакат маънавий ва тарихий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган тўртта қонунни қабул қилди. Нацизм ва коммунистик режимларни қоралаш, совет махсус хизматлари архивларини очиш, 20-асрдаги ҳарбий тўдаларни Украина мустақиллиги учун курашганлар сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидандир.

Олий Радада ушбу қонунларни “коммунизмдан халос бўлиш тўплами” деб аташди. Мазкур қонунлар кучга кирганидан сўнг Украинада коммунистик давр арбоблари шарафига барпо этилган ҳайкаллар бузиб ташланади, уларнинг номи билан аталадиган шаҳар ва кўчалар қайта номланади, СССР репрессия органлари архивлари очилади.

Шунингдек, совет даври ва нацизм рамзларидан фойдаланиш, хусусан, сувенер мақсадида ишлатиш тақиқланади.

Украинада янги давлат байрами пайдо бўлди. Янги қонунга кўра, 8 март куни Хотира ва сулҳ куни сифатида нишонланади, 9 май эса Ғалаба куни сифатида нишонланади. “Улуғ Ватан уруши” ибораси расмий ҳужжатлардан чиқариб ташланади, унинг ўрнига “Иккинчи Жаҳон уруши” қўлланилади.

Коммунистик ва национал-социалистик режимлар тарғиботи деганда “коммунистик тоталитар режимнинг 1917 — 1991 йиллардаги ва нацист режимнинг жиноий хусусияти”ни оммавий инкор қилиш тушунилади.

Шу билан бирга, коммунистлар ва нацистлар рамзлари туширилган маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳам тарғибот сифатида кўрилади. Хусусан, СССР герби ва байроғидаги болға ва ўроқ сурати ҳам тарғибот саналади. Ушбу белгилар, агар музей-кўргазмаларда, мавзули кўргазмаларда, илмий ва ўқув қўлланмаларида, шунингдек, дарсликлар ва таълимга оид материалларда ишлатилса, тарғибот ҳисобланмайди.