Нью-Йоркда тиббий суғурта билан боғлиқ йирик фирибгарлик фош қилинди

Нью-Йоркда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли фирибгарлик фош қилинди. Яширин тарзда олиб борилган суриштирув ишлари шуни кўрсатдики, Бруклиннинг бир қатор туманларида фаолият юритаётган 23 нафар тиббиёт ходими, шу жумладан, 9 нафар доктор фирибгарлик билан айбланди. Уларнинг қилмишлари оқибатида федерал бюджетдан молиялаштириладиган Medicaid тиббий суғурта дастурининг 6,9 миллион долларлик маблағи ноқонуний ўзлаштирилган.

Суд ҳужжатларига кўра, фирибгарларнинг асосий эътибори аҳолининг кам таъминланган қатламига, яъни Medicaid давлат суғуртасига эга бўлган шахсларга қаратилган.

Округ прокурори Кен Томпсоннинг айтишича, фирибгарлар камбағаллар истиқомат қиладиган туманларда ва уйсизлар учун бошпаналарда турадиганларни тиббиёт муассасаларига чақириб, уларнинг оёқларини текширувдан ўтказишган. Аксарият ҳолатларда бундай текширувга зарурат бўлмаган. Оёғини текширтирган мижозларга оёқ кийим таклиф қилинган. Ушбу жиноятга 8 та тиббий компания жалб қилинган.

Манхэттенда яшайдиган 43 яшар Эрик Вайнер ва унинг Стэйтен-Айлендда яшовчи 66 яшар онаси Полина Вайнер ушб жиноий гуруҳ раҳбарлари бўлиб, она-бола West 5th Medical Supply тиббий ускуналар савдоси бўйича компания эгалари ҳисобланишган. Компания сохта тиббий текширув ва муолажаларни ўтказган тиббиёт муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

Эрик Вайнер ортопед, хирург, кардиолог, психиатр ва бошқа шифокорлар билан алоқа ўрнатади. Онаси эса тиббий ҳисоб-китоблар ва фирибгарликда иштирок этаётган бир қатор клиникаларга ойлик-маош ўтказиш билан шуғулланади.

Прокуратура айбловида қайд этилишича, 5 нафар ортопед беморларни кўздан кечириб, ҳужжатларни қалбакилаштиришган. Тиббий ташхисга мавжуд бўлмаган симптомларни киритиб, тегишли касалликларни қайд этишган. Кейин улар беморларни қиммат муолажага юборишган. Ваҳоланки, бунга зарурат бўлмаган. Масалан, вена ва артерия ҳолатини текшириш талаб қилинган. Айни пайтда суғурта компанияларига ҳисоб-китоб учун тегишли тўлов талабномаларини юборишган.

Прокуратура 2012 йилда бруклинлик аёлдан ариза олгач, фирибгарлик бўйича текширишни бошлайди. Жиноий гуруҳ ўз фаолиятини 2012 йил 1 октябридан 2014 йилнинг 30 сентябрига қадар узлуксиз давом эттирган.

Яқинда айбланаётган шахсларнинг бир қисми Бруклин округ судига олиб борилган ва уларга 199 та банд бўйича жиноий айб қўйилди. Улар орасида коррупция, даромадни легаллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида фирибгарлик расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш, яширин жиноий гуруҳ тузиш, ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунни бузиш, йирик ва майда ўғирлик сингари жиноятлар бор.

Навбатдаги суд эшитуви 2015 йил 19 май куни бўлиб ўтади. Агар айбланувчиларнинг айби исботланса, улар25 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.