Ислом Каримов Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш кучайтирилишини таъкидлади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 10 апрель куни Олий Мажлисда қасамёд қилар экан, мамлакатда коррупциянинг барча кўринишларига қарши кураш кучайтирилишини алоҳида қайд этди.

Бу ҳақда 12news.uz хабар тарқатди. “Албатта, коррупцияни ҳеч қайси давлат бутунлай йўқ қила олмайди. Шунга қарамай, биз коррупциянинг барча кўринишларига қарши қатъий кураш олиб борамиз”, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Ислом Каримов ўтган йиллар давомида мамлакатимизда хусусий мулк ва мулкдорларни ҳимоялашга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асос ва кафолатларни, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка зарур шароит ва имтиёзларни яратиб бериш бўйича кўпгина ишлар бажарилди ва бажарилаётганини қайд этди. “Лекин, минг афсуски, хусусий мулкнинг давлат мулкига нисбатан устуворлиги барчамиз учун аён бўлишига қарамасдан, бу йўналишда амалга ошираётган ишларимиз, аввало, мулкдорларга эркинлик бериш масалалари тўла ечилмаяпти, ўзининг кутилган самарасини бермаяпти”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбари “иқтисодиётимизда давлатнинг улуши ва ўрнини стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришимиз даркор”лигини алоҳида қайд этди.

Маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ҳамон сақланиб қолаётган ҳар қандай шаклларидан воз кечиб, давлат органлари, бизнес ва хусусий сектор ўртасидаги вазифа ва ваколатларни аниқ белгилаб қўйиш, савдо операцияларини, чакана савдодан ташқари, асосан биржа орқали амалга ошириш тизимига ўтиш масаласида ҳам Ислом Каримов фикр билдириб ўтди.