Ёдгор Саъдиев узоқ йиллик танаффусдан сўнг cпектаклда роль ижро этди

Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Иззат Султоннинг «Имон» драмаси асосида саҳналаштирилган спектаклда бош қаҳрамон профессор Йўлдош Комилов образини ижро этди. “Телеграф” нашрининг ёзишича, актёр бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна театрга қайтди. Бундан ташқари, спектаклда таниқли актёр ва актрисалар иштирок этди.

Нашрнинг қайд этишича, «Имон» драмаси бундан аввал ҳам ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, 2013 йилда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижодида жорий йилда туб бурилиш юз берди, яъни театрдаги узоқ йиллик ижодий танаффусдан сўнг яна Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қайтгани ҳақида хабар берилган эди.

Ёдгор Саъдиев театрга яна қайтганидан хурсандлигини айтади. “Театрни жуда соғинган эдим. Ўтган вақт давомида ижоддан чекинмай, ҳаракатда бўлдим. Аммо, доим театр ўзига оҳанрабодек тортаверди, саҳна соғинчи тинч қўймади. Бир қарашда баъзилар “Студия ишидан чарчагани учун театрга қайтгандир”, деб ўйлаши мумкин. Лекин, улар қаттиқ янглишишади! Чарчаган одам қандай қилиб театрга келиб ишлаши мумкин? Театрда катта куч-қувватга эга актёргина ишлай олади”, деганди таниқли актёр.

Актёрни театр жамоаси қарсаклар билан кутиб олган. “Қисқаси, нон тишлаб, ҳарбий хизматга кетган ва орадан ўн беш йил ўтиб уйга қайтган аскардек ҳис қиламан ўзимни”, — дейди Ёдгор Саъдиев.