Ўзбекистон Эрон ядровий дастури бўйича келишув юзасидан баёнот берди

Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати Эрон ядровий дастури бўйича баёнот берди.

“Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси ва Эрон ядровий дастури бўйича халқаро воситачиларнинг “Олтилик гуруҳи” ўртасида 2015 йилнинг 2 апрель куни Лозанна шаҳрида эришилган “Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасининг асосий параметрлари” бўйича келишувларни қўллаб-қувватлайди”.

Баёнода қайд этилишича, глобал қуролсизланиш тизимининг ажралмас қисми бўлган Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ташаббускори бўлгани ҳолда, Ўзбекистон оммавий қирғин қуролларининг тўлиқ йўқ қилинишини қатъий ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг БМТ Низоми ва ЙҚТШ доирасида белгиланган тарқатмаслик тартибини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда мазкур доиравий келишув халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамланишига жиддий ҳисса қўша оладиган кенг қамровли битимга эришиш учун мустаҳкам замин яратилишига умид қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бир ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида давом этган Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар яхши янгилик билан якунланди. BBC хабар беришича, якуни ҳужжат 30 июнь куни имзоланади.

Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия + Германия иштирокидаги мулоқотлар 31 март куни якунланиши керак эди, аммо 2 апрелга қадар давом этди.

Твиттердаги саҳифаси орқали Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф “ечимлар топилди, битимни зудлик билан ишлаб чиқишга тайёр”, деб ёзди.

Германия ташқи ишлар вазирлиги эса “якуний битим тўғрисидаги доиравий ҳужжат имзоланди”, деб хабар тарқатди. АҚШ Давлати котиби Жон Керри эса “Буюк кун… Якуний битим устида ишлашга тезда қайтамиз”, деб хабар қолдирди.