Ўзбекистонда сиёсий партия фуқароларни хориж армиясида хизмат қилишдан огоҳлантирди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фуқароларни чет давлатлар қуролли кучларида хизмат қилиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

“Бугунги айрим давлатлардаги турли зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, терроризм мазкур мамлакатларда ғайритабиий ҳарбий ислоҳотларни амалга оширилишига сабаб бўлмоқда. Масалан, айрим давлатлар хорижий мамлакатлар фуқароларини пул эвазига ўз армиясига ёлламоқда. Шу ўринда, бу қанчалик даражада тўғри деган савол туғилади. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армиясининг жанговар қобилияти ва жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилади. Мантиққа зидликни қарангки, киндик қони она тупроғига томган, ота-онаси, яқинлари ўз Ватанида эканини англаган инсон қандай қилиб ўзга юрт ҳимоясига отланиши, унинг тинчлиги йўлида жонини тикиши мумкин?! Пулга ёлланган аскарни ўша жойга фақат моддий манфаатдорликдан бошқа яна нима боғлаб тура олади?!”, дейилади партия матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Партиянинг қайд этишича, ҳозирги глобаллашув жараёнида мафкуравий таҳдидлар таъсирида кўплаб тараққий этган давлатларда оила институти емирилиб бормоқда. Туғилиш даражаси йилдан-йилга камайиб, меҳнатга лаёқатли кишилар билан аҳолининг бошқа қатламлари ўртасида жуда катта тафовут пайдо бўлмоқда. Бу пенсия таъминоти, солиқ сиёсати, эмиграция оқими билан боғлиқ бир талай ижтимоий-сиёсий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бундай мураккаб вазиятда фақат ўз маданиятини, ўзлигини, тарихини унутмаган халқ тараққиёт сари дадил одимлашини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

“Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ғоя ва дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбий хизматига ёлланишига қарши курашади”, дейилади партия баёнотида.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасида ёлланиш, яъни моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 10 йилгача, ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш эса – 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек, Кодекснинг 1541-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаросини чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёллаш – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистонннинг Ҳарбий доктринаси, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва амалдаги қонунчилигидан келиб чиқиб, ёшларимизни чет мамлакатлар Қуролли Кучлари сафига ёлланишига қатъиян қарши чиқади ва мамлакатимиз фуқароларини чет эл армияси сафида хизмат қилганлик учун жиноий жавобгарликдан огоҳ қилади.

Партия ушбу баёнотни нима мақсадда эълон қилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.