Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ жаз фестивали ўтказилди

Шу йилнинг 8 апрелидан 8 майига қадар Ўзбекистонда Халқаро жаз кунлари бўлиши белгиланган. ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган мазкур фестиваль АҚШ, Франция, Ҳиндистон ва Латвия давлатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкиллаштирилмоқда.

Хусусан, Ари Ролланд бошчилигидаги америкалик жаз квартети Ўзбекистонга иккинчи бор келишди. Улар 2009 йилда ҳам Ўзбекистонда бўлишганди ва ўшанда мусиқачилар бу ерга яна бир бор келишни орзу қилаётганликларини айтишганди. Мазкур фестиваль доирасида улар яна бир бор Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Бир ҳафта давомида гуруҳ пойтахтимиздаги турли муассасаларда ўз концерт дастурини намойиш қилди. Турне якунида Ўзбекистон ва АҚШ жаз мусиқаси кечаси ўтказилди. Унда Ари Ролланд бошчилигидаги америкалик жаз квартети, Ботир Зокиров номидаги руспублика жаз оркестри ва «Жазирама» гуруҳи иштирок этди.

Мазкур тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спартлен ҳам иштирок этди. Концерт якунида америкалик хоним барчага миннатдорлик билдирди.

20 ва 24 апрель кунлари консерваториянинг катта залида Ботир Зокиров номидаги руспублика жаз оркестри ва «Жазирама» гуруҳи концерт беради.

28-30 апрель кунлари Париж консерваторияси профессори Пьер Бентманн Ўзбекистонда ўз дастурини намойиш этади. Фестиваль Латвиянинг «Ксилем ТРИО» гуруҳининг 6 ва 7 май кунлари берадиган концерти билан якунланади.

SHARE