Туркия президенти Ражаб Тайип Эрдоған: “Нурсултон Назарбоев турк дунёсининг оқсоқоли”

Қозоғистон ва Туркия ўзаро товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказмоқчи

Туркия президенти Ражаб Тайип Эрдоған Қозоғистонга сафар уюштирди. Сафар доирасида у Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар кун тартибида бўлган.

Туркия президенти Эрдоғаннинг фикрича, минтақавий ва глобал муаммолар икки давлат ўртасидаги савдога ҳам таъсир кўрсатди. “Охирги пайтлар бир қатор минтақавий ва глобал муаммолар бизнинг савдо муносабатларимизга салбий таъсир кўрсатди. Биз ушбу муаммоларни бартараф этишимиз керак. Учрашув давомида биз ушбу масалаларни кўриб чиқдик”, деди Туркия раҳбари.

Унинг фикрича, томонлар 10 миллиард долларлик савдо айланмасига эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтириши керак. “Ташқи савдодаги тушиш яқин кунларда бартараф этамиз ва бу рақамнинг ўрнини қоплаймиз”, деди Эрдоған.

Ташриф доирасида Туркия ва Қозоғистон бизнесменлари умумий қиймати 800 миллион доллардан ортиқ бўлган 19 та битим имзолади. Шу билан бирга, 2,8 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб бориш бўйича ҳам келишувларга эришилган.

Шу билан бирга, Туркия Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши нодоимий аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Ўз навбатида, Туркия президенти Нурсултон Назарбоевни “турк дунёсининг оқсоқоли” деб атади. “Ҳурматли Президент, қадрли биродарим, Нурсултон Назарбоев. Ўтган йили Туркия президенти инаугурация маросимида Сиз шахсан ўзингиз иштирок этган эдингиз. Шу боис мен ўша пайтда мен билан бирга бўлганингиз учун миннатдорлик билдираман. Мен буни турк дунёси оқсоқоли дўстлигимизга ва икки томонлама муносабатларимизга юксак аҳамият беради, деб биламан”, деди Эрдоған.