Сирдарёда кўпкари мусобақаси ўтказилди

Kun.uz нашрининг маҳаллий матбуотга таяниб ёзишича, мусобақада 500дан ортиқ чавандоз иштирок этган. Чавандозларнинг маҳоратини бевосита кузатиш учун 4 минг томошабин ташриф буюрган.

Мусобақа 25 босқичга – маррага бўлинди. Охирги маррада мукофотга тўртта гилам, иккита сигир, учта от ва иккита туя қўйилди.

“Миллий от спорт тури халқаро миқёсга ҳам чиқиб улгурди, – деди Миллий спорт турларини ривожлантириш маркази бош директори Зокир Расулов. – Осиё кўпкари ассоциацияси яратилган бўлиб, бизнинг федерация унинг етакчи аъзоларидан биридир. Ўзбекистон терма жамоаси 2003 йилдан буён ўтказилаётган Евросиё чемпионатларида мунтазам равишда ютуқли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили Қозоғистонда бўлиб ўтган мусобақада терма жамоамиз учинчи ўринни эгаллади, от устидаги курашда эса оққўрғонлик полвон Зоҳид Бўкабоев чемпион бўлди. Шунингдек, мамлакатимиз ичида ҳам биринчиликлар ва мусобақалар ўтказиб турилади”.

Эслатиб ўтамиз, кўпкари мусобақалари баҳорда ва кузда ўтказилади. Сирдарёда ўтказилган кўпкари баҳси баҳор мавсумининг охирги мусобақаларидан бири бўлди.

SHARE