Эрон Барак Обамани Конгрессга ҳисобот беришга мажбур қилмоқда

Барак Обама президент сифатида фаолиятининг иккинчи муддатини бошоғриқ билан ўтказмоқда. Бу бежиз эмас. Гап шундаки, 2010 йилда Конгресс вакиллар палатасининг, 2014 йилда эса Сенатнинг республикачилар партияси кўпчилигига ўтиши президентнинг ички ва ташқи сиёсатида кўплаб тўсиқларни юзага келтирди.

Барак Обама айрим ҳолатларда Конгрессни четлаб, фармонларни қабул қилиш билан ўз ниятларини амалга оширишга ҳам киришди. Аммо Эрон ядровий дастури бўйича эришилган доиравий келишув Обамани мамлакат парламенти олдида ён босишга мажбур қилди.

Сенатнинг ташқи масалалар бўйича қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилган ва маъқулланган қонунга биноан Барак Обама маъмурияти битим ижроси бўйича мунтазам Конгрессга ҳисобот бериб туриши талаб қилинади. АҚШ ташқи ишлар маҳкамасининг маълум қилишича, қонун ушбу кўринишда Эрон билан шу йилнинг 30 июнига қадар имзоланадиган битимга халақит бермаслиги керак.

Қонун лойиҳасига кўра, Эрон ядровий дастури бўйича келишув битими имзоланганидан сўнг барча махфий ҳужжатлари ва иловалари билан Конгрессга тақдим қилиниши керак. 30 кун давомида қонун ижодкорлари ушбу ҳужжатни кўриб чиқишади ва бу муддат давомида АҚШ Эронга нисбатан қўлланилган санкцияларни олиб ташламайди. Агар якуний битим бўйича Конгресс норози бўлса, санкциялар умуман олиб ташланмайди.

“Қонун лойиҳаси президент маъмуриятини биз умумий саъй-ҳаракатлар билан жорий қилган санкцияларни бизга барча маълумотни тақдим қилгандан сўнг олиб ташлашга мажбурлайди”, деди қонун лойиҳаси ташаббускори Роберт Коркер.

Қонун лойиҳаси талабларига кўра, Оқ уй ҳар 90 кунда Конгрессга битим бажарилиши бўйича ҳисобот топшириб туриши лозим бўлади.

Барак Обама мазкур қонунни ушбу кўринишда имзолаши мумкинлигини маълум қилди. Бундан аввал тақдим қилинган ҳужжатларга Оқ уй кескин эътироз билдириб келаётган эди.

Барак Обама Эрон ядровий дастури бўйича музокараларга конгрессменларнинг аралишишига қарши чиқиб келаётган эди.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Барак Обаманинг бирмунча ён босишга мажбур бўлаётгани замирида бир қатор омиллар мавжуд. Аввало, у парламентни четлаб, фавқулодда фармонлар қабул қилгани ва бу ишни давом эттираётгани нафақат республикачилар, айни пайтда демократлар партияси орасида ҳам эътирозларга сабаб бўлмоқда. Унинг бундай хатти-ҳаракатида диктаторлик элементларини кўраётганлар ҳам йўқ эмас.