Ўзбекистон Россияда миграция марказини очиши мумкин

Россия ва Қирғизистон миграция соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзолади. “ТАСС” ахборот агентлигининг хабар беришича, битим МДҲга аъзо-давлатларнинг миграция идоралари кенгашидан сўнг имзоланган.

Россия федерал миграция хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Екатерина Егорованинг қайд этишича, Россия Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ҳам миграция соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича битим имзолаши мумкин. Ушбу битим Россия Федерацияси ҳудудида миграция масалаларини мувофиқлаштириш бўйича ушбу мамлакатларнинг махсус марказлари очилишини кўзда тутади.

“Бу масала ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ. Ўйлашимча, яқин келажакда бундай марказлар очилади”, деди Екатерина Егорова.

Қирғизистондан ташқари, Тожикистон ҳам Россия ўз миграция ваколатхонасини очган.

Россия Федерал миграция хизмати тақдим этган статистик маълумотларга қараганда, 2015 йилнинг апрель ойида ушбу мамлакатда 2 104 100 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари 2015 йилда Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишлашини ташкил этиш бўйича битим устида иш олиб боради. Икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси тегишли идораларга 2014 йил охирига қадар Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш ва ёллашни ташкил қилиш тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича таклифлар билан алмашишни топширган.

“Бундай битим Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан боғлиқ бўлган тангликни юмшатиши мумкин”, деб қайд этган эди Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак.

Томонлар 2015 йилнинг биринчи чорагида меҳнат миграциясининг долзарб масалалари, жумладан, тезкор ахборот алмашиш, ушбу соҳада ўзаро ваколатхоналарни очиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказишга келишиб олишган. Қайд этилишича, 2015 йилнинг июль ойига бориб, томонлар ишлаб чиқилган тавсиялар бўйича позицияларни аниқлаштириб, битимни ишлаб чиқишга киришади.

SHARE