Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги: Оролни аввалги чегарасида тиклашнинг иложи йўқ

Оролни аввалги чегарасида тиклашнинг иложи йўқ, асосий вазифа минтақада яшайдиган одамлар ҳаётига таъсир кўрсатадиган салбий тенденцияларни бартараф этишдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев маълум қилди.

РИА Новостининг хабар беришича, ўзбекистонлик амалдор Орол инқирози оқибатларини юмшатишда ёрдам бераётган БМТ агентликлари, халқаро донорларга миннатдорлик билдирди. Айни пайтда Орол инқирози билан боғлиқ вазифаларнинг кўлами ушбу минтақада бундан-да катта ҳалокатларнинг олдини олиш учун миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда саъй-ҳаракатларни, ресурсларни бирлаштиришни тақозо қилмоқда.

“Бугун биз Орол денгизини қутқариш ҳақида гапирмаяпмиз, балки минтақада яшаётган одамлар ҳаётида мислсиз оқибатларни келтириб чиқарадиган салбий тенденцияларнинг олдини олиш ҳақида сўз юритаяпмиз”, деди вазир ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, бу жараён шу даражада чуқур кириб кетдики, уни орқага қайтариб бўлмайди.

“Вазифамиз — сувни қутқариш эмас, балки Оролбўйини қайта тиклаш, аҳол соғлиғи ва генофондини сақлаш, экологик тизимни тиклаш ва муҳофаза қилиш, ушбу ҳудудда ва унинг атрофида истиқомат қилувчи 60 миллион кишининг муносиб яшаши учун зарур шароит яратиш муаммоларини ҳал қилишдир”, деди вазир ўринбосари.

SHARE