Тошкентдаги барча мактабларда милиция бўлимлари ташкил қилиниши мумкин

Яқин йиллар ичида Тошкентдаги барча мактабларда милиция бўлимлари ташкил қилиниши мумкин. Улар ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

“Подробно.ўз” ахборот агентлигининг ёзишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар халқ таълим бошқармаси шундай ташаббус билан чиққан.

“Биз ҳукуматга ва Молия вазирлигига хат ёзиб, ҳар бир мактабда милиция бўлимларини ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқишни сўрадик. Улар ўқувчилар хавфсизлиги таъминлаш ва уларни қўриқлаш билан шуғулланади. Аммо буларнинг барчаси молиялаштириш билан боғлиқдир”, деган Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси вакили агентликка.

“Биз ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта иш олиб бораяпмиз. Бир қатор мактабларда турникетлар ўрнатилган, барча мактабларда ўқитувчилардан иборат таркибда махсус гуруҳлар тузилган бўлиб, улар мактаблардаги вазиятни назорат қилиб боришади. Қолаверса, ҳар бир мактабда қоровул штат бирлиги бор. У мактабни кечаю кундуз қўриқлайди. Аксарият мактабларда хавфсизлик тугмалари ўрнатилган. Агар қандайдир ҳодиса юз берса, милиция патруль хизмати мактабга 3-5 дақиқада етиб келади. Асосий муаммо мактабларни ҳимоя тўсиқлари билан ураб олиш бўлиб, у ҳам ҳал қилинмоқда”, деди у.

SHARE