Америкаликлар хонадонида сумалак

Ўтган йили октябрь ойида Америкага янги келган ватандошларимиз учун инглиз тили курсларини ташкил этган эдик. Ушбу курс ватандошларимизнинг Америка жамиятига мослашиши, янги дўст-танишлар орттириши, Ўзбекистон маданиятини кенг тарғиб қилишда айни муддао бўлмоқда.

Яқинда бир қанча ватандошлар “Ватандош” жамияти қошида ташкил этилган инглиз тили курси ўқитувчилари Крис ва Жеффни зиёрат қилишиб, уларнинг хонадонида уч кун меҳмон бўлишди.

Жефнинг айтишича, улар анчадан бери сумалак қилишни орзу қилар эди. “Бизга Ўзбекистонда кўрсатилган меҳмондорчиликни Америкадаги ўзбекларга бажонидил кўрсатишга ҳаракат қилдик”, деди у.

Маҳаллада Ўзбекистон байроғини кўриб, қўшнилар ҳайрон бўлишди, ватандошларимизни суҳбатга тортишди. Сумалак тайёрланиб, дастурхонга ўзбек миллий таомларидан тортилди.

Америкалик хонадон эгалари билан икки кеча давомида давом этган суҳбат “Ватандош” меҳмонларига олам-олам таассурот қолдирди.

“Биз ўзбекларнинг қанчалик меҳмондўстлигини биламиз, биз ҳам уларга ўхшасак деймиз”, — дейди Крис хоним.