АҚШ вице-президентининг Тошкентга махфий сафари

АҚШ вице-президенти Генри Уоллес (Henry Wallace) 1944 йилда Ўзбекистонга махфий сафар билан келган. Бу ҳақда АҚШнинг Қозоғистондаги Бош консулининг матбуот, маданият ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Чарльз Мартин маълум қилган.

Қозоғистоннинг Tengrinews.kz сайтининг ёзишича, АҚШ вице-президенти махфий миссия билан СССР Марказий Осиёсида бўлган. У Аляска орқали Сибирга учиб келади. Сибирдан эса поездда Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради. Унинг асосий мақсади ўша пайтларда Америка ҳукумати томонидан юборилаётган гуманитар юкларнинг қандай етказилаётганини кўриш бўлган.

Қозоғистондаги шарқшунослик институти тадқиқотчиси А. Камаловнинг ёзишича, Уоллес бошчилигидаги делегация Тошкентда 1944 йилнинг 14-17 июнь кунлари бўлади. Унга АҚШ, Хитой ва Мексиканинг СССРдаги элчилари ҳамроҳ бўлади. У СССР раҳбарияти билан учрашмайди. Тошкентда уни Абдужаббор Абдураҳмонов кутиб олади.

Уоллес бир қатор колхоз ва тажриба-синов марказларига ташриф буюради. У қишлоқ хўжалиги соҳасида ютуқларни, айни пайтда аёлларнинг фаоллигини кўриб ҳайратланади. АҚШнинг СССРдаги ўша пайтдаги элчиси Аверелл Гарриман ёзишича, ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги вакилларининг ютуқлари вице-президентни ҳайратга солади. У Америкага юборган телеграммаларида америкалик фермерлар имкон қадар кўпроқ илм-фан суяниши лозимлигини ёзади. У ҳатто аграр соҳадаги таниқли олимларни ҳам ўзининг ушбу мақсадига жалб қилади.

АҚШ элчиси Тошкент аҳолисининг ҳақиқатда меҳмондўст эканлигини эътироф этади. У, айниқса, бозорларни кўриб, ўтмишда қолоқ ҳудудлар бўлган ушбу минтақада СССР катта ютуқларга эришганини тан олади.

Вице-президент сафари якунланиши арафасида Тошкент опера ва балет театрида тантанали маросим уюштирилади. Генри Уоллес рус тилида қисқа нутқ сўзлаб, икки давлат ҳамкорлиги зарурлигини уқтиради. Шундан сўнги америкалик меҳмонларга “Кармен” ижро этилади.