Бухорода ресторанларнинг бирида кучли ёнғин юз берган

Кеча Бухоро вилоятидаги халқ орасида “Қамиш бар” деб танилган ресторанларнинг бирида маиший газнинг портлаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда “Подробно” ахборот агентлигининг Бухоро вилоятидаги мухбири хабар қилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш шу даражада кучли бўлганки, рестораннинг томи қулаб тушган, атрофдаги кўп қаватли уйларнинг деразаларидаги ойналар синган. Ушбу ҳодиса бинода мижозлар жуда кўп бўлган бир вазиятда юз берган. Милиция ходимлари ва ўт ўчирувчиларнинг ўз вақтида етиб келишига қарамасдан, қурбонлар бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар бор, бир неча киши тан жароҳати олган. Ҳозирча ушбу хабарларни бошқа манбалардан тасдиқлаш имкони бўлмади.

Агентлик хабарида айтилишича, “Қамиш бар”да ўтган йили ҳам жиддий ёнғин бўлган. Кечаги ёнғинга эса ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол бузилиши сабаб бўлган. Ресторан атрофи ўраб олинган, ҳодиса жойида мутахассислар иш олиб бормоқда. Ушбу ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Хабарларга кўра, вилоят ҳокими ушбу воқеа муносабати билан фавқулодда комиссия тузиб, қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқилиши топширилган.

VX.uz сайтининг хабар беришича, ёнғин маҳаллий вақт билан 15:00да келиб чиққан. Носоз электр қозонлар, шунингдек, ўтин ва газ баллонларнинг бир жойга йиғиб қўйилгани оқибатида ёнғин бутун ресторан биносини қамраб олган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг расмий маълумотларига кўра, ёнғин натижасида ресторан ошхонасининг 3 нафар ходими жабрланган. Куйиш жароҳатини олган бу шахслар касалхонага етказилган, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, ўт ўчирувчилар ҳодиса жойини тозалаш ишларини олиб боришмоқда.

SHARE