Ўзбекистон Жаҳон банкидан 5,7 миллиард долларлик инвестиция жалб қилмоқчи

Ўзбекистон Жаҳон банкидан 2016 — 2020 йилларда 5,7 миллиард долларлик инвестиция ва кредитлар жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Ботир Хўжаев маълум қилган.

Вазир ўринбосарига кўра, мазкур маблағнинг 3 миллиард доллари энергетика соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Ушбу маблағлардан бир қисми мамлакатда шамол энергиясини ривожлантиришга сарфланади.

Амалдорга кўра, мамлакатнинг шамол энергетикаси салоҳияти 520 ГВтдан ортади. Бунда Навоий ва Қорақалпоғистон энг шамолли ҳудудлар сифатида ушбу лойиҳалар учун истиқболли эканини маълум қилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон 1992 йилда Жаҳон банки аъзоси бўлиб, ўтган даврда банк мамлакатга 1,6 миллиард доллардан ортиқ кредит ва қарзлар ажратган. Ушбу маблағлар хусусийлаштириш, молиявий секторни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, электр энергиясини модернизация қилиш, ижтимоий инфратузилмани, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар ижросига йўналтирилган.