АҚШ Сенати бош прокурорни тасдиқлади

АҚШ Сенати Лоретта Линчни мамлакат бош прокурори сифатида тасдиқлади.

Шуни қайд этиш керакки, Барак Обама Линч номзодини ўтган йилнинг ноябрь ойида тақдим қилган бўлиб, Сенат сўнгги беш ой давомида уни тасдиқламасдан келаётган эди.

Лоретта Линч АҚШ тарихидаги илк қора танли аёл бош прокурор бўлиб, унинг номзодини 100 нафар сенатордан 56 нафари қўллаб-қувватлади. У душанба кундан бошлаб ўз лавозимига киришади. Шу билан Эрик Холдер ўз лавозимини тарк этади.

Республикачилар Лоретта Линч АҚШ Президентининг жуда кўплаб ислоҳотларни Конгрессни четлаган ҳолда ўз фармони билан амалга оширишга киришганини қўллаб-қувватлагани учун танқид қилишган эди.

Республикачиларнинг кескин қаршилигига қарамасдан Лоретта Линч Эрик Холдердан кўра ушбу партия вакиллари билан муносабатларни илиқлаштиришга ҳаракат қилиши кутилмоқда.