Ўзбекистон акциядорлик жамиятларида раҳбарлик лавозимларига чет эллик менежерлар жалб қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Унда айтилишича, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган.

Хусусан, халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда. Чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш ҳам ҳукуматнинг диққат эътиборида бўлади.

Эски бўлинмалар ва лавозимларни тугатиш, замонавий халқаро стандартлар ва бозор иқтисодиёти талабларига мос янги бўлинма ва лавозимларни жорий этишни инобатга олган ҳолда, акциядорлик жамиятларини бошқариш тузилмасини тубдан қайта ташкил этиш, акциядорлик жамиятларини стратегик бошқариш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Бошқарув ходимларининг самарали фаолиятини назорат қилишни таъминлашда акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар ролини ошириш, етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида бошқарув ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб даражасини ошириш, шунингдек, акциядорлик жамиятларида раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилиш каби вазифалар белгилаб берилди.

Фармонга кўра, акциядорлик жамиятларини танқидий ўрганиш натижаларига кўра, 364 акциядорлик жамияти ночор ва тугатилиши ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилади.