Қўқонда автомобилларга газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берган

2015 йил 24 апрель куни соат тахминан 20.30да Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида жойлашган “Автогаз” масъулияти чекланган жамиятга қарашли “Саёҳат” номли автомашиналарга газ қуйиш шохобчасида суюлтирилган газни сиғимга тўкиш технологиясига тўлиқ риоя қилинмаганлиги оқибатида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Натижада шаҳобчадаги иккита турли ҳажмдаги сиғимлар ёнғинда қизиш оқибатида ёрилиб, портлаш юз берган.

Ёнғинни бартараф этиш вақтида шохобчанинг бир нафар ишчиси ва икки нафар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан касалхонага ёткизилган.

Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Мазкур ҳолат бўйича дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

SHARE