Малайзия туризм вазири: “Ўзбекистонликларга Малайзия эшиклари ҳамиша очиқ”

Малайзия дунёнинг турли мамлакатларидан бораётган сайёҳларга сифатли ва чўнтакбоп хизмат кўрсатишга ҳар доим тайёр. Бу ҳақда Малайзия туризм ва маданият вазири Дато Сери Муҳаммад Назри бин Абдул Азиз жорий йил 23 апрель куни Тошкентда ўтган анжуманда маълум қилди.

2014 йили “Малайзияга ташриф буюринг!” шиори остида жаҳон бўйлаб қатор тадбирлар ўтказилган эди. “Фестиваллар йили” деб эълон қилинган 2015 йилда ҳам дунё халқларига Малайзия маданиятини янада кенг танитиш мақсадида элликка яқин фестиваль ҳамда турли байрам тадбирлари ўтказиш режалаштирилган. Тошкентда туристик фирмалар иштирокида ўтган анжуман “Фестиваллар йили” доирасидаги тадбирларга дебоча бўлди.

“Малайзия – сайёҳлар мароқли дам олиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган мафтункор диёр. Бой ва ранг-баранг мерос, бетакрор таомлар, божхона тўловидан озод савдо марказлари, жаннатмонанд сўлим ороллар, пальмалар билан ўралган пляжлар, кўп асрлик тропик ўрмонлар – буларнинг барини мамлакатимиздан топишингиз мумкин”, деди вазир Дато Сери Муҳаммад Назри бин Абдул Азиз.

Юқори мартабали меҳмонга кўра, Ўзбекистондан Малайзияга бораётган сайёҳлар сони ҳам йил сайин ошиб бормоқда.

“Ўтган йили мамлакатимизга Ўзбекистондан 13 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. “Фестиваллар йили” деган шиор остида кечаётган жорий йилда мазкур кўрсаткич ошишига ишончим комил”, деди Малайзия туризм ва маданият вазири.

Малайзия туризм ва маданият вазири (ўнгда) Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Баҳодир Аҳмедов билан
Малайзия туризм ва маданият вазири (ўнгда) Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Баҳодир Аҳмедов билан

Қайд этилишича, яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Малайзия туризм ва маданият вазирлигининг ваколатхонаси очилди. Мазкур ваколатхона нафақат Қозоғистон, балки бутун минтақа сайёҳларига ахборот кўмаги беради.

Малайзия туризм тараққий этган давлатлардан бири саналади. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида ҳам мазкур соҳанинг улуши катта. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, Малайзия 2012 йилда 25 миллион хорижлик сайёҳни қабул қилиб, салкам 13 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўрган. Шу тариқа мамлакат сайёҳларни қабул қилиш бўйича дунёда 10-ўринни эгаллаган.

Малайзия ҳукумати туризмни муҳим иқтисодий йўналишлардан бири деб ҳисоблайди. Туризм соҳасида минглаб киши иш билан таъминланган, мазкур тизимга меҳмонхона, ресторан, йирик савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш жабҳалари киради.

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Толиб Рифаи расмий Куала-Лумпур “Малайзия – чинакам Осиё!” шиори остида сайёҳликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга ошираётганини эътироф этган.

Сингапурда жойлашган “Crescentrating” консалтинг агентлиги Малайзияни мусулмон сайёҳларга яратилган шароитлар бўйича дунёдаги биринчи мамлакат деб тан олган.

2014 йилда “Lonely Planet” журнали Малайзияни оилавий дам олиш учун энг мақбул маскан деб эълон қилган.

“CNN” телеканали 2012-2013 йилларда ўтказган рейтингда Малайзия пойтахти Куала-Лумпур дунёдаги шоппинг (харид) учун қулай тўртинчи шаҳар деб қайд этилган.

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида кўплаб жабҳалар қатори сайёҳлик соҳасида ҳам алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. 2005 йил 3 октябрда икки давлат ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланган. Ўзбекистон фуқаролари Малайзияда 30 кун мобайнида визасиз юриш ҳуқуқига эга.

Собир САЛИМ

SHARE