Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевни табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевни президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаб, телеграмма йўллади.

“Сизнинг сайловдаги ишончли ғалабангиз Қозоғистон халқининг Сиз узоқни ўйлаб амалга ошираётган ҳамда қозоқ халқининг фаровонлигини, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ва ролини оширишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бўлган юксак ишончи ва қўллаб-қуввватлашидан далолатдир”, дейилади табрикда, жумладан.

Ўзбекистон раҳбари кўпасрлик дўстлик, қўшничилик ва ўзаро ҳурматга асосланган иккитомонлама муносабатлар ҳар томонлама равнақ топиши ва мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

“Имкониятдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, давлатчилик фаолиятингизда туганмас қувват ва янги муваффақиятлар, биродар қозоқ халқига эса фаровонлик ва тараққиёт ёр бўлишини тилайман”, дейилади табрикда.

Худди шу куни Ислом Каримов Нурсултон Назарбоевни телефон орқали бўлиб ўтган мулоқотда ҳам табриклаган. Телефон орқали мулоқот Ўзбекистон тарафи сўровига кўра амалга оширилган.

Давлат раҳбарлари иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистонга 2014 йил ноябрдаги ташрифи доирасида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда президент сайлови 26 апрель куни бўлиб ўтди. Унда Нурсултон Назарбоев 97,7 фоиз овоз тўплади.